Кимё саноати
Кимё саноати — оғир саноат тармоқларидан бири, хилма-хил кимёвий маҳсулотлар турлари: кон-кимё хом ашёси, асосий кимё маҳсулотлари (аммиак, ноорганиг кислоталар, ишқорлар, минерал ўғитлар, сода, хлор ва хлорли маҳсулотлар, суюлтирилган газлар ва бошқалар), пластмасса ва синтетик смолалар, шу жумладан, капролактам, селлюлоза ацетатлари, кимёвий тола ва иплар, пластмасса ва шиша-пластиклардан материаллар ва буюмлар, лок-бўёқ материаллари, синтетик бўёқлар, кимёвий реактивлар, фотокимё маҳсулотлари, маиший кимё товарлари ва бошқалар ни ишлаб чиқаради. Кимё саноатининг мустақил саноат тармоғига айланиши саноат тўнтариши билан боғлиқ. Сулфат кислота и. ч. бўйича дастлабки заводлар 1740 йилда Буюк Британияда (Ричмонд), 1766 йилда Франсияда (Руан), 1805-йилда Россияда (Москва губерняси), 1810 йилда Германияда (Лейпсиг яқинида) барпо этилган.
Тўқимачилик ва шиша-ойна саноатининг ривожланиши билан сода ишлаб чиқарадиган заводлар қурилди. Бундай корхоналар — сода заводлари Франсияда 1793 йилда (Париж яқинида), Буюк Британияда 1823-йилда (Ливерпул), Германияда 1843-йилда (Элба бўйидаги Шёнебек ш.да), Россияда 1864 йилда (Барнаул)да қурилди. 19-аср ўрталаридан Буюк Британия (1842), Германия (1867), Россия (1892)да сунъий ўгитлар ишлаб чиқарадиган заводлар ишлай бошлади. АҚШда Кимё саноати Европа мамлакатларига нисбатан кечроқ пайдо бўлди, лекин 1913 й.га келиб кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми бўйича жаҳонда 1-ўринга чиқиб олди.
Ўзбекистонда тегишли хом ашё манбалари бўлишига қарамай 20-асрнинг 30-йилларигача Кимё саноати деярли йўқ эди. 1910-йилларда оҳак куйдириш, ўсимлик бўёғи олиш, олтингугурт ишлаб чиқариш, ишқорий моддалар тайёрлаш, совунгарлик билан шуғулланган бир қанча кичик корхоналар (12 - совун заводи, нефтни ҳайдаш заводи, 2-бўёқ ф-каси) бўлган.
Замонавий Кимё саноатининг шаклланиши 1932 й. қадимдан олтингугурт қазиб олинган Шўрсув олтингугурт кони (Фарғона водийси)нинг ишга туширилиши билан бошланди. Бу корхона собиқ СССРда ишлаб чиқариладиган олтингугуртнинг 57% ини берган ва Итти-фоқнинг олтингугурт мустақиллигини таъминлашда муҳим рол ўйнади. Кимё саноатининг энг йирик корхонаси Чирчиқ электр кимё кти 1940 й. октабрдан маҳсулот бера бошлади. Шу йили 608,9 т аммиак, 961,7 т кучсиз азот кислотаси ва 930 т аммиак селитраси ишлаб чиқарилди. 1940 йилда республиканинг жами саноат маҳсулоти ҳажмида Кимё саноати ҳиссаси 0,8% ни, Кимё саноатида банд бўлган ишчилар сони саноат ишчиларининг 1% ни ташкил этган, саноат ишлаб чиқариш фондининг 7,4% Кимё саноати ҳиссасига тўғри келган.
Урушдан кейинги йилларда 1946 йилда Қўқон, 1957 йилда Самарқанд суперфосфат заводлари ишга туширилди ва бу заводлар республика қишлоқ хўжалигининг фосфорли ўғитларга бўлган эҳтиёжларини таъминлашга хизмат қилди. Бухоро вилоятида Газли газ кони ишга туширилиши билан табиий газдан фойдаланиш асосида 1963 йилда Фарғона азотли ўғитлар заводи, 1964 йилда Навоийда кимё комбинати ишлай бошлади.
1958—65 йилларда Олмалиқ конметаллургия кти қошида сулфат кислотаси заводи, Поп резина оёқ кийимлари заводи, Янгийўл гидролиз заводи қурилди. 1965 йилда республикада биринчи марта Фарғона азотли ўғитлар заводида ғўза баргини тўкишда ишлатиладиган магнит хлорат дефолианти ишлаб чикарила бошлади. Жиззахда пластмасса қувурлар заводи (1972), 1973 йилда Олмалиқда аммофос ишлаб чиқарадиган йирик корхонанинг 1-навбати ишга туширилди.
20-асрнинг 90-йиллари бошига келиб Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётида муҳим ўринни эғаллаган Кимё саноати барпо этилди. 1990 йилда 1762 минг т минерал ўғитлар (100% озиқ модда ҳисоби-да), 154,9 минг т синтетик смолалар ва пластик массалар, 1735,2 минг т синтетик аммиак, 2859 минг т сулфат кислота, 52,6 минг т кимёвий толалар ва иплар, 226,2 минг т синтетик ювиш воситалари ва совун (ёғ кислоталари 40% ҳисобида) ва бошқалар маҳсулотлар ишлаб чикарилди.
1991 йилда республика Кимё саноати корхоналари негизида „Ўзкимёсаноат“ консерни ташкил этилди. 1994 й. январда консерн „Ўзкимёсаноат“ уюшмасига айлантирилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2001 й. 13-мартдаги „Кимё саноатини бошқариш тузилмасини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ қарорига мувофиқ, „Ўзкимёсаноат“ очиқ аксионерлик жамияти (АЖ) шаклидаги давлат-аксиядорлик компанияси ташкил этилди. Республика ҳукумати томонидан Ўзбекистон Кимё саноати корхоналарини ялпи ривожлантиришнинг 23 инвестиция лойиҳаларидан ибо-рат дастури ишлаб чиқилди ва маъқулланди, Кимё саноати корхоналарини ривожлантириш ва қўллаб қувватлаш жамғармаси ташкил этилди. „Ўзкимёсаноат“ компанияси таркибида 34 та корхона, шу жумладан, 4 қўшма корхона ишлайди (шулардан 22 таси очиқ аксиядорлик жамиятлари (АЖ)га айлантирилган) (2002). Уларнинг 20 дан кўпроғи йирик замонавий корхоналардир.
Минерал ўғитлар ишлаб чиқариш республика Кимё саноатининг асосий тармоқларидан бири. Республикада қишлоқ хўжалиги учун зарур бўлган аммофос, аммиак селитраси, аммоний сулфат, суперфосфат, карбамид, суюлтирилган аммиак, шунингдек, самарадор мураккаб азотли ва фосфорли ўғитларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. „Электркимёсаноат“ АЖ (Чирчиқ), Фарғона „Азот“ ишлаб чиқариш бирлашмаси асосий турдаги азотли ўғитлар, „Қўқон суперфосфат заводи“ АЖ, Самарқанд кимё заводи, Олмалиқ „Аммофос“ АЖда аммофос, оддий ва аммонийлашган суперфосфат, қумоқ аммфос каби фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарилади. Республика Кимё саноати корхоналари бир йидда 2,8 млн. т азотли, 1,25 млн. т фосфорли ўғитлар ишлаб чиқариш қувватларига эга. К.еда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш ҳажми республика қишлоқ хўжалиги эҳтиёжларини тўла таъминлаши билан бирга уларнинг бир қисми четга ҳам чиқарилади.
Сулфат кислотаси Кимё саноати тармоқлари учун муҳим хом ашёдир. Республикада сулфат кислота ишлаб чиқарадиган йирик қувватлар Олмалиқ „Аммофос“ АЖ, Самарқанд кимё заводи, Навоий кон-металлургия комбинати, Олмалиқ конметаллургия комбинатида барпо этилган.
Сода саноатининг Марказий Осиё мамлакатларида ягона бўлган корхонаси — Қўнғирот сода заводи қурилиши 1995 йилдан бошланди (йиллик лойиҳа қуввати 210 минг т сода) ва 2004 йилда ишга туширилади.
Ўсимликларни ҳимоя қилишнинг кимёвий воситалари (дефолиант, десикат, гербицид, инсектицид, фўнгицидлар) Фарғона „Азот“ ишлаб чиқариш бирлашмасида (1965 йилдан, магний хлорат дефолианти), Навоий „Электрокимё заводи“ АЖ (1960 йилдан, гербицидлар — нитран, которая, бронотак, инсектицидлар — фозалон, трефлан ва бошқалар) ишлаб чиқарилади. Республика қишлоқ хўжалигида ўсимликларни касаллик ва зараркундалардан кимёвий ҳимоя қилишда кўлланиладиган олтингугурт кукуни Шўрсув кон-кимё корхонасида ҳамда Муборак ва Шўртан газ комплексларада ишлаб чиқарилади.
Кимёвий толалар ва иплар хилма-хил халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришда кенг қўлланади. Чирчиқ „Электркимёсаноат“ АЖда капролактам (1980 йилдан, йиллик қуввати 70 минг т), Фарғона кимёвий толалар заводи (1959)да ацетат иплар, „Навоиязот“ АЖда акрил толалари (1974 йилдан; йиллик қуввати 23 минг т дан кўпроқ), Фарғона „Азот“ ишлаб чиқариш бирлашмасида селлюлоза ацетати (йиллик қуввати 42 минг т) ишлаб чиқарилади. Фарғона фуран бирикмалари заводи (1946)да селлюлоза мустақиллигини таъминлаш бўйича пахта линтидан селлюлоза ишлаб чиқариш га ихтисослашган қувватлар барпо этилган. Фарғона кимёвий толалар заводида капролактамни қайта ишлаб, капрон ва иплар тайёрлашга имкон берадиган қувватлар бор.
Кимё саноатида гидролиз корхоналари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги йиллардан қурила бошлади. Фарғона фуран бирикмалари (1946), Янгийўл биокимё (1952), Андижон гидролиз (1953) заводларида асосий хом ашё — чигит шулхаси, шоли қобиғидан техник этил спирти, фурфурол, озуқа ачитқилари (ҳамиртуруш), фурил спирти, ксилит, лапрол ва бошқалар маҳсулотлар ишлаб чиқарилди. 90-йиллар бошидан бу корхоналарда ғалладан озиқовқат (этил) спирти ишлаб чиқариш ўзлаштирилди: „Андижон биокимё заводи“ АЖ (собиқ гидролиз заводи) да йиллик қуввати 915 минг дал (1994), „Қўқонспирт“ АЖда 1800 минг дал (1995) ва „Янгийўл биокимё заводи“ АЖда 915 минг дал (1996) этил спирти ишлаб чиқарадиган янги қувватлар ишга туширилди. Натижада озиқ-овқат, тиббиёт, атир-упа ва бошқалар саноат тармокларини республиканинг ўзида ишлаб чикарилган спирт билан таъминлаш имконияти яратилди. Бу корхоналарда йилига 4 минг т га яқин карбон кислоталари ҳам ишлаб чиқарилади. „Андижон биокимё заводи“ АЖда 1992 йилдан қуруқ хлорелла биомассасини таерлаш йўлга қўйилган.
Резина маҳсулотлари Ангрен „Резинатехника“ АЖ (1975)да ишлаб чиқарилади. Илгари, асосан, резина маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган „Резинатехника“ АЖ 1987 йилдан халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқаришга ўтди. 1992 йилдан бирлашмада енгил автомобил шиналарини таерлаш ўзлаштирилди. 1996 йилдан йилига енгил автомобиллар учун 1,5 млн. дона, юк автомобиллари учун 200 минг дона шина ишлаб чиқарадиган қувватлар ишга туширилди.
Республикада пластмасса ва пропилен маҳсулотлар ини қайта ишловчи (Оҳангарон „Сантехлит“, „Жиззахпластмасса“ АЖ), турли маркадагилок – бўёқ маҳсулотлари („Тошкент лок-бўёқ заводи“ АЖ, 1946), мебел саноати учун синтетик смолалар (Фарғона фуран бирикмалари заводи), маиший кимё товарлари ["Маиший кимё" АЖ (Тошкент ш.,), 1987; Олмалиқ маиший кимё заводи, 1971 (ҳоз. Россиядаги „Калина“ консернининг „Паллада-Восток“ шўъба корхонаси); Тошкент ёғ-мой кти таркибида синтетик ювиш воситалари заводи, 1971] ишлаб чикарадиган корхоналар ишлайди.
2000 йилда республика саноати маҳсулотлари умумий ҳажмида Кимё саноати (нефт кимёси саноати билан бирга) ҳиссаси 6,1% ни ташкил этди. 832 минг т минерал ўғитлар (100% озиқ, модда ҳисобида), 15 минг т синтетик смолалар ва пластик массалар, 14,7 минг т кимёвий тола ва иплар, 985 минг т синтетик аммиак, 823,4 минг т сулфат кислота, 287 минг т олтингугурт ва бошқалар маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.
Чет мамлакатлардан АҚСҲ, Япония, ГФР, Франсия, Буюк Британия ва Италия, Россия кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи ўринларда туради. Жаҳон бўйича Кимё саноати ишлаб чиқаришнинг 3/4 қисми шу мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади. 60-йиллардан бошлаб Япония ва Германия Кимё саноати жадал ривожланди.
Ли.: Кадиров В., Становление химии в Республике Ўзбекистон, Т., 1995.
Ўрин Ҳасанов, Нуриддин Мусаев.[1]
Манбалар
[edit | edit source]Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Бу мақола бирорта туркумга қўшилмаган. Илтимос, мақолага алоқадор туркумлар қўшиб ёрдам қилинг. (август 2024) |